Ўзбекистонда қотилликда гумонланаётган шахс Қирғизистонда қўлга олинди

Қирғизистонда ҳибсга олинган эркак Ўзбекистон ҳудудида 1995 йилда қотиллик содир этганлик гумони билан халқаро қидирувда бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Қирғизистонда 43 ёшли чет эл фуқароси қўлга олинди. У халқаро қидирувда бўлган ва Ўзбекистон ҳудудида қотилликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Милицияга Чуй вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро “Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий”* диний экстремистик гуруҳининг фаол аъзоси бўла туриб, ушбу ташкилот ғояларини тарғиб этаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Текширув натижасида бу маълумот тасдиқланган.

“Д.Р. исмли эркак Қирғизистонга Ўзбекистондан келган. У республика ҳудудида сохта паспорт билан бўлган. Шунингдек, Д.Р. Ўзбекистон ҳудудида 1995 йилда қотиллик содир этганлик гумони билан халқаро қидирувда бўлгани аниқланган”, - дейилган хабарда.

Ҳозирда у ҳибсга олинган. Қирғизистон ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий иш очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилоятида бир гуруҳ “Ҳизб ут-Таҳрир”* аъзолари ушланди

* Қатор давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда тақиқланган террорчилик ташкилоти