"Россельхознадзор" Ўзбекистондан тайёр гўшт маҳсулотларига қўйилган тақиқни бекор қилди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Россельхознадзор" федерал хизмати ўртасида Ўзбекистондан экспорт қилинадиган чорвачилик маҳсулотлари ва корхоналар рўйхатини янада кенгайтириш борасида ўзаро ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 дек - Sputnik. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқилган чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, термик ишловдан ўтган тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда хом ашёлари экспорти учун йўл очилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Помидор ва қалампир: Россия айрим чекловларни қисман бекор қилди

"Россельхознадзор" федерал хизмати томонидан қўйилган вақтинчалик чеклов Халқаро эпизоотик Бюронинг қуруқликдаги ҳайвонлар соғлиғи кодекси талаблари асосида термик ишловдан ўтган тайёр маҳсулотлар учун бекор қилинди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикасида тайёр гўшт ва сут махсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини Россия бозорида сотишларига имкон яратилди.

Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга экспорт қилувчи корхоналарни ягона реестрига кириши зарур бўлади. Реестрга киритишдан олдин аъзо давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқарувчи корхоналарда белгиланган тартибда ветеринария аудит ва инспекция ўрганишлари ўтказилиши зарур бўлади.

Ўзбекистон 19 давлатга 78 хил маҳсулотни экспорт қилиш учун рухсатномалар олди

Дастлабки босқичда, мамлакатда фаолият олиб бораётган ўз маҳсулотларини экспорт қилиш истагини билдирган гўшт ва сут маҳсулотлари, балиқ ва парранда маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 9 нафар корхоналарда маҳсулотларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларга экспорт қилишни амалга ошириш мақсадида ваколатли органлар томонидан ветеринария аудит ва инспекция ўрганишларининг ўтказилиши ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Россельхознадзор" федерал хизмати ўртасида Ўзбекистондан экспорт қилинадиган чорвачилик маҳсулотлари ва корхоналар рўйхатини янада кенгайтириш борасида ўзаро ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.