Бухоро шаҳар прокурорига ҳайфсан эълон қилинди

Бош прокуратура маълумотларига кўра, хизмат текширувида Жасур Фозилов масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Бош прокурор Йиғматилла Йўлдошев ўз лавозимига қайтган Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга ҳайфсан эълон қилди.

Бош прокуратура расмий баёнотида таъкидланишича, 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан бош прокурорнинг буйруғига асосан шаҳар прокурори 2020 йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришган.

Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов лавозимига тикланди

Хизмат текширувида Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги аниқланган. Амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текширган. Шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берган.

“Шуларга кўра, Бош прокурорнинг 21.12.2020 йилдаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди”, - дейилган хабарда.