Сирдарёда 15 ёшли ўгай қизини қийнаб келган онага қарши жиноий иш очилди

Ўгай она ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш ва қийнашда айбланмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги 15 ёшли вояга етмаган қиз Х.А.нинг видеомурожаатига муносабат билдирди. Қиз ўз мурожаатида ўгай онаси унга ёмон муносабатда бўлаётгани, кўп ҳолларда доимий руҳий босим ўтказиб, калтаклаб келаётганини маълум қилган.

Ҳокимлик хабарига кўра, Х.А нинг бувиси Р.М. Ширин шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Х.А.нинг ўгай онаси Н.З. уни уриб тан жароҳати етказганлиги учун қонуний чора кўрилишини сўраган.

Сирдарёда ўзи ва икки ўғлини сувга ташламоқчи бўлгани айтилган аёл ҳақида маълумот берилди

Ушбу мурожаатга асосан терговга қадар текшириш ўтказилиб, Х.А.га “соғлиқнинг қисқа муддати бузилишига сабаб бўлмаган енгил шикаст” етказганлиги сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисми билан Маъмурий ишлар бўйича Ширин шаҳар судига юборилган. 

Ишни судда кўриш вақтида Х.А. кўрсатмаларини ўзгартириб, ўгай онаси уни мунтазам равишда қийнаб, уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этганини баён этган. Шу сабабли иш ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маҳалла тизими ходимлари билан суҳбатда Н.З. ўгай қизини уй юмушларида айтганларини қилмаганлиги учун шу тарзда “тарбиялаганлигини” иддао қилиб, афсусдалигини билдирган.

Ҳозирги кунда қизнинг ўгай онаси Н.З. га нисбатан ЖКнинг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ва 110-моддалари (Қийнаш) билан айблов эълон қилинган.

Тергов ҳаракатлари якунланмоқда.