ТОШКЕНТ, 19 дек - Sputnik. Финляндиянинг Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш бўйича юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Таълим инспекцияси матбуот-хизмати.
Музокаралар якунида Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Унга кўра, Навоий вилоятидан 2 нафар 9-синф битирувчи ўқувчиси Лаппеенранта шаҳрига келиб, 3 йил давомида таълим олиши мумкин. Финляндия томони ҳар бир ўқувчига мамлакатда 3 йил давомида яшаш, овқатланиш ва ўқиш учун 40 минг евро миқдорида грант ажратади.
Шунингдек, финляндиялик ўқувчилар ҳам Навоий вилоятига келиб ўқишлари мумкин бўлади.