ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги она ўз фарзандларини дарёга ташламоқчи бўлгани айтилган видео юзасидан маълумот берди.
Воқеа Сирдарё вилояти Ширин шаҳар Ички ишлар бўлими ҳамда “Фарҳод” маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари томонидан ўрганилганда қуйидагилар аниқланган: видеотасвирда келтирилган она А.Р. ва унинг фарзандлари Тошкент вилояти Бекобод тумани “Туркман” МФЙ да доимий яшаб келади. Видеодаги ҳолат 2020 йил 15 декабрь куни содир бўлган.
Ўрганишлар натижасида она ўз турмуш ўртоғи Э.Ш.дан бошқа бир аёл билан баъзи-баъзида телефон орқали сўзлашаётганлигини билиб, уни рашк қилгани аниқланган. Кейин аччиқ устида Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти Ширин шаҳар “Фарҳод” МФЙга ўтадиган “Дўстлик” канали кўпригининг Бекобод тумани қисмидан ўз фарзандларини каналга ташламоқчи бўлган.
Шунда уни Ширин шаҳар Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари тўхтатиб қолган.
Ширин шаҳар ИИБ ҳамда “Фарҳод” МФЙ ходимларининг суриштирувлари натижасида аниқланишича, 1985 йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган аёл (она) А.Р ва унинг турмуш ўртоғи Э.Ш.лар ўртасида рашк туфайли ҳеч қандай оилавий можаролар ва жанжаллар бўлмаган.
Бўлиб ўтган мазкур воқеа Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида бўлганлиги ҳамда воқеа иштирокчилари ҳам Бекобод туманида доимий яшаб келаётганлиги сабабли бугунги кунда ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Бекобод тумани ИИБ ҳамда “Туркман” МФЙ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Мазкур воқеа Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида ва ушбу туман фуқаролари иштирокида бўлганлигини инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқларда бу воқеа "Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида бўлган" дея тарқатилган нотўғри хабарлар юзасидан ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерлар ҳамда кузатувчилардан тасдиқланмаган, нотўғри ахборот тарқатмасликни ва бу бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз”, - дейилган ҳокимлик хабарида.