ТОШКЕНТ, 16 дек - Sputnik. Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистондаги элчилари Тошкент вилояти Чиноз туманидаги янги қиёфага кирган Эшонобод қишлоғида меҳмонда бўлдилар, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Обод қишлоқ" дастури доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли ҳудудда яшаётган қарийб 3 минг нафардан зиёд аҳоли ҳаётида катта ўзгаришлар юз берган - "Эшонобод" бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олган.
Қишлоқнинг Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла маркази дипломатик корпус вакилларида катта қизиқиш ва таассурот уйғотди.
"Мен ҳозир бу ерда кўриб турганларимдан жуда ҳам ҳайратдаман. Менга сиз бу ерда ўн йил олдин бўлгансиз, дейишди. Таний олмадим. Назаримда, бу ер мутлақо бошқа жой. Ажойиб, айнан қишлоқ ҳаётига мос бинолар қад ростлаган. Ҳамма керакли идоралар бир жойда. Муҳими, фуқаролар ҳақида қайғурганликни кўриш мумкин бу ўзгаришларда", - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Россия элчиси Владимир Тюрденев "Ўзбекистон 24" каналига берган интервьюсида.
Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройида машғулотларни бошлаб юборган эшонободлик санъатсевар ёшлар меҳмонларни ўзларининг ижод намуналари билан кутиб олди.
Россия элчиси сўзларига кўра, қишлоқдаги спорт саройи каби жой ҳатто баъзи шаҳар туманларида ҳам йўқ.
Аҳолини, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш "Обод қишлоқ" дастурининг бош мақсадларидан бири. Эндиликда қишлоқда яшовчи чеварлар замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда.
Россия элчиси Владимир Тюрденев қишлоқ-хотин қизларининг дала билан боғлиқ бўлмаган касб-корларга ўқитилиб, иш билан таъминланаётганини юқори баҳолаб, "бу улар олдида келажак эшикларини очадиган иш", дея таъкидлади.