Биринчи январдан автомобиллар кундузги чироқларини ёқиб юришлари шарт – Ҳукумат қарори

2019 йилнинг 9 апрелидан 4 июнига қадар амалда бўлган ушбу қоида Ҳукумат қарори билан унинг амал қилиши 2021 йил 1 январга қадар кечиктирилган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 2019 йил 9 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидалари”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 292-сонли қарори қабул қилинган эди. 

Бу қарор билан эса амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг “Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш” деб номланган бобининг 138-бандига ўзгартиш киритилиб, “куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт”лиги белгилаб қўйилган эди.

Кейинчалик жамоатчиликнинг эътирозларидан сўнг, Ҳукумат қарори билан мазкур қоиданинг амал қилиши 2021 йил 1 январга қадар кечиктирилган эди.

Шунингдек, бу ҳақда Ҳукуматнинг 2019 йил 4 июндаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам белгилаб қўйилган. 

Унга кўра, 2021 йил 1 январдан куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт.

Шунингдек, ушбу муддатдан бошлаб шундай тартиб жорий этилади:

  • мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;
  • республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.

1 январдан бошлаб, куннинг ёруғ вақтида ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаган ҳайдовчилар МЖтКнинг 128-моддаси тартибида маъмурий жавобгарликка тортилади.

Биринчи марта содир этилганда 111 500 сўм, бир йил ичида такрор содир этилса 223 минг сўм ва 3-марта содир этилса 669 минг сўм жарима солинади.

Агар 1 йил ичида 3 мартадан кўп содир этилса 892 минг сўм жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлиши мумкин.