Жиззахда Россия тиббиёт университети филиали ва клиникаси ташкил этилади

Филиалнинг таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Жиззах шаҳрида Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий текшириш тиббиёт университети федерал давлат автоном олий таълим муассасаси филиали ва филиал клиникаси ташкил этилади. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.

Филиал ва филиал клиникаси фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • республиканинг соғлиқни сақлаш соҳаси тармоқларидаги муҳим тиббий-касбий ва тиббий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали тиббиёт кадрларни тизимли-узлуксиз халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • даволаш иши, педиатрия иши, стоматология, фармация ва тиббиётнинг бошқа соҳаларида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • соғлиқни сақлаш соҳасида тиббиёт кадрлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
  • тиббий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
  • илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш;
  • клиникада, клиник, ўқув ва ўқув-амалиёт базаларида талабалар амалий кўникмаларини самарали ўзлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • тиббий таълим ҳамда илмий-техникавий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва бизнес ҳамжамияти билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Филиал тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўқитишнинг ССВ билан келишилган асосий бакалавриат йўналишлари (магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари) бўйича барча даражалардаги мутахассисларни, шу жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширади.

Филиалда ўқитиш рус тилида, Россия таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон ССВ билан келишилган ҳолда бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Филиалнинг таълим фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.