Тошкентдаги ноқонуний диний мактабларда 30 дан зиёд болалар калтакланиб келинган – видео

Ҳужраларда ўқиган 30дан ортиқ болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган. Ҳозирда мазкур ҳужраларни ташкил қилганларга нисбатан қонуний чора кўриш масаласи кўрилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Тошкентда ноқонуний диний ҳужралар фаолият юритганлиги аниқланди. Ҳужраларда ўқиган 30дан ортиқ болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган. Бу ҳақда “Ёшлар” телеканали репортажида маълум қилинди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирида 3 нафар маҳаллий фуқаро ўз хонадонларида ҳужралар ташкил этиб, ёш болаларга диний сабоқ бераётганлиги аниқланди.

Ҳужралар ташкил этилган хонадонлар кўздан кечирилганида, ёғоч калтак, пичоқ, пневматик қурол топилди. Шунингдек, ҳужралар эгаларининг қўл телефонларида диний экстремистик оқимлар ва террорчи ташкилотларнинг ғоявий раҳбарларининг жиҳодга чорловчи аудио, видеоматериаллари борлиги аниқланди.

Ҳужраларнинг бирида 17 нафар, иккинчисида 11 нафар, учинчисида эса 4 нафар вояга етмаган бола диний сабоқ олаётгани маълум бўлди.

Ноқонуний ўқитиш вақтида болалар калтакланиб, мунтазам равишда оч қолдириш орқали жазоланган. Калтакланиш оқибатида бир боланинг тили орқага кетиб қолиш ҳолати кузатилган.

Ҳозирда мазкур ҳужраларни ташкил қилганларга нисбатан қонуний чора кўриш масаласи кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёшларни Суриядаги террорчилар сафига қўшиш учун жўнатиб келаётган 24 ёшли самарқандлик қўлга олингани хабар қилингани хабар қилинган эди.