Бухоро шаҳар прокурорининг президентга мурожаати бўйича махсус комиссия тузилди - ОАВ

Бухоро шаҳри прокурори ўз видеомурожаатида келтириб ўтган важларни синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилганлиги айтилмоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 дек - Sputnik. Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаати юзасидан Республика идоралараро комиссияси тузилди, деб хабар бермоқда ЎзА Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонасида расмий баёнотига таянган ҳолда.

Ўзбекистонда тўққиз ой давомида 647 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 11 декабрь кунидан буён интернет тармоғи орқали Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов томонидан тарқатилган видеомурожаатларда Бухоро шаҳридаги марказий ёпиқ бозорни минглаб тадбиркорларни қон қақшатиб бузилгани ва қурилиш жараёнидаги жиноятлар ҳақида гапирган. Америкалик инвестор дея аталган тадбиркорлар аслида маҳаллий тадбиркорлар экани маълум қилинган. Шунингдек, бу ишларда Бош прокуроратура айрим ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги маълум қилинган.

"Ж.Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида жорий йил 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди", - дейилади Ўзбекистон президентининг халқ қабулхонаси томонидан тақдим этилган ва ЎзА томонидан тарқатилган расмий баёнот матнида.

Таъкидланишича, комиссия таркибига Ўзбекистон президенти администрацияси, Олий мажлис сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек Ўзбекистон президентининг Бухоро вилоятидаги халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.

Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж.Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади. Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади, деб қўшимча қилинган хабарда.