“Ўздавкарантин” ToBRFV вируси юзасидан ўтказилган текширув натижаларини эълон қилди

Сўнгги кунларда ОАВларда Россия Ўзбекистоннинг Фарғона, Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларига экспорт учун тақиқ қўйгани ва бунга помидор жигарранг бужмайиш вируси сабаб бўлгани муҳокамалар марказида бўлиб, мазкур тақиқлар хусусида турли хил фикрлар билдирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Ўзбекистон Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси помидор жигарранг бужмайиш вируси (Tomato brown rugose fruit virus) юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасини эълон қилди.

Ушбу вирус билан боғлиқ хабар эълон қилинганидан сўнг “Долзарб 15 кунлик” чора-тадбирлар тезкор режаси ишлаб чиқилган

Россия Ўзбекистоннинг яна бир вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлади

Таъкидланишича, Россельхознадзор вакиллари билан музокаралар ўтказилиб, уларнинг тажрибавий тавсияларини инобатга олинган. Помидор ва булғор қалампири маҳсулоти ҳамда унинг экспортига жиддий зарар етказувчи ушбу касалликнинг аломатлари, тарқалиш йўллари ва қарши кураш механизми аниқ белгилаб берилган.

Махсус ишчи гуруҳи тузилиб, Фарғона вилоятига фитосанитария ҳолатни батафсил ўрганиш ва аниқлик киритиш мақсадида сафарбар этилган. Шунингдек, республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳамда чегара масканларида фаолият юритаётган инспекторларга мунтазам равишда махсус йўриқнома ва топшириқлар берилган.

Ҳозирда республика ҳудудига помидор ва калампир маҳсулотларининг уруғлари олиб кирилиши тўлиқ чекланган бўлиб, мазкур уруғликларни экспорт қилувчи давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Россияга Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб кириш таъқиқланди

Республиканинг барча ҳудудида етиштириладиган помидор маҳсулотидан намуналар олиниб, Марказий карантин лабораториясида ўрганилмоқда.

“Долзарб 15 кунлик” кунлик доирасида республиканинг Қашқадарё, Навоий, Фарғона ҳамда бошқа ҳудудларида помидор ва қалампир экилган ҳар бир иссиқхонанинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитария тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси шакллантирилган ва давомли қатъий фитосанитария назорат ўрнатилган.

“Ўрганиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунга қадар Республика ҳудудида мазкур вирус аниқланмаган”, - дейилган “Ўздавкарантин” хабарида.

Таъкидланишича, Россельхознадзор томонидан қўйилган вақтинчалик таъқиқлар асосланмаган хавотирлар ва турли хил салбий фикрлар ОАВларда кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда “Ўздавкарантин” ва Россельхознадзор карантин хизматлари ўртасида муносабатларида кен қамровли хамкорлик барча йўналишлари бўйича фаол ўзаро ривожланиб келмоқда.

“Бунга мисол жорий йилдаги коронавирус пандемиясига қарамай “Ўздавкарантин” мурожаатига кўра Россельхознадзор қўшимча равишда 3 омборни вақтинчалик сақлаш омборлар рўйхатига қўшди ҳамда икки давлатнинг фитосанитария соҳасидаги ахборот тизимлари муваффақиятли интеграциялаштирилди”, - дейилган хабарда.

Ҳозирги кунда республиканинг вирусдан холи эканлигини тасдиқлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида етиштирувчилар, яъни иссиқхоналар рўйхати шакллантирилмоқда. Улар Россельхознадзорга тақдим этилиб, қўйилган вақтинчалик чекловларни бекор қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Россельхознадзор Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади

Tomato brown rugose fruit virus - помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги вируси янги ва жуда кам ўрганилган вирус бўлиб, фақатгина 2020 йил сентябрь ойида Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси А2 рўйхатига кўшилган. Қайд этиш керакки, ушбу касаллик уруғлар, вирус теккан асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалиши ва экинларнинг чангланиши вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача ишлаб чиқилмаган.