ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Истанбул шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Б.О. тиланчи томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда “Hürriyet” газетаси хабар қилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳодиса Малтепе тумани Файзуллоҳ маҳалласида содир бўлган. Бу ҳолат кузатув камераларига тушиб қолган.
Мазкур маҳаллада тиланчилик қилиб кун кечирадиган Б. Г. алкоголь ичимлигини олиш учун дўконга келади. Ушбу дўконда етказиб бериш билан шуғулланиб келган Б.О. (31 ёш) Б.Г. (27 ёш)га “Мен ватанимдан келдим, мусофирман, меҳнат қиляпман. Сен бу ерга келиб пул сўрайсан, уялмайсанми? Бор, ишла” деб айтади.
Натижада бунинг ортидан келиб чиққан тортишув жанжалга айланиб кетган. Жанжал вақтида тиланчи ўзбекистонликнинг кўкрагига пичоқ санчиб олган.
Шифохонага олиб борилган ўзбекистонлик йигит барча муолажаларга қарамай вафот этган. Полиция Б.Г.ни ҳодисадан бир неча соат ўтиб қўлга олган.