ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Европа Беларусдаги вазият юзасидан фақат хавотир билдириши, бироқ ҳақиқатда ҳеч нарса қила олмаслигини маълум қилди.
“Мен оддий одам бўлган пайтимда Европа шунчалик яқин ва буюк, унинг етакчилари шунчалик кучлики, улар бирор нарса қилади деб ўйларди. Улар қўл қовуштириб ўтира олмайди. Энди тушуняпманки, улар ўз хавотири ва бирдамлигини билдиришларига қарамай аслида улар ҳеч нарса қила олишмайди”, - деди Тихановская Американинг “The New Yorker” журналига берган интервьюсида.
У бир неча ойдан бери Минскка қарши “иқтисодий санкциялар жорий этиш” устида иш олиб борилаётгани, лекин жараён секин ва қийин кетаётганини таъкидлади.
“Европа етакчилари ҳамиша Россияга қараб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади... Бу биз учун оғриқли. Мен миннатдор бўлишни ўргатган оилада ўсганман. Шундай экан бу менинг хатом бўлиши мумкин. Аста-секинлик билан шундай хулосага келяпманки, мен шунчаки хавотир тўғрисидаги баёнотлардан миннатдор бўлмаслигим керак, биз аниқ хатти-ҳаракатларни талаб қилишимиз даркор. Мен ўрганяпман, лекин жуда секин”, - деди Тихановская.
Беларусда 9 август куни президент сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, унда Александр Лукашенко ғолиб бўлган. Ўша кундан бошлаб республикада норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.