ТОШКЕНТ, 9 дек - Sputnik. Ўзбекистонликлар байрамларда қўшимча дам олиш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда бугун, чоршанба куни мамлакат президенти раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеселектор йиғилишида айтилган.
Йиғилишда таъкидландики, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади.
Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.
Президент пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин Ўзбекистон президентнинг "2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги фармони лойиҳаси эълон қилинган эди.
2021 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгиланиши мумкин: 2 сентябрь-пайшанба; 3 сентябрь-жума.
2021 йилда дам олиш куни 27 март-шанба, 22 март-душанба кунига кўчирилади.
2021 йил 2 январь-шанба, 4 сентябрь-шанба ва 22 март-душанба кунлари барча ходимлар учун иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади.
Бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади.
Ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олинади, унга қўшимча дам олиш куни қўшилади.