Тошкент вилоятидаги тўқайзорда 52 туп дарахт кесиб ташланди

Умумий кесилган дарахтлар сони 52 та, шундан 46 туп тол ҳамда 6 туп туронғил таг қисмидан кесилган. Етказилган зарар 444 млн 773 минг сўмни ташкил этган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “Абай” МФЙ ҳудудида жойлашган тўқайзорда кесилган дарахтлар бўйича мурожаат  ўрганилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

“Ўрганиш давомида дарахтлар қишлоқ хўжалиги харитасининг 34 контурида жойлашган тўқайзорда кесилганлиги маълум бўлди. Умумий кесилган дарахтлар сони 52 та, шундан 46 туп тол ҳамда 6 туп туронғил таг қисмидан кесилган”, - дейилган хабарда.

Таъкидланишича, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 444 млн 773 минг сўмни ташкил этган.

Айни дамда мазкур ҳудуд эгаси ҳамда ким томонидан амалга оширилганлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Тўпланган ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига ўрнатилган тартибда тақдим этиш учун тайёрланмоқда.