ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. 2020 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида видеоконференция шаклида Ҳамдўстлик иштирокчи давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов раислигида ўтказиладиган мажлисда Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этадилар.
Тадбир чоғида Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликда эришилган натижалар ва алоқаларнинг янги устувор йўналишлари, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашинилади.
Шу билан бирга, МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар лойиҳалари ҳам муҳокама қилинади.