Фарғонадаги учрашув: Ўзбекистон ва Қирғизистон нималарга келишиб олди

Икки мамлакат ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 1 млрд доллар даражасигача етказишни режалаштирмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. 8 декабрь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Артём Новиков билан учрашуви бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, учрашув давомида жорий кўп қиррали шериклик масалалари, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш бўйича истиқболли чоралар муҳокама қилинди.

Қирғизистон бош вазири в.б. Артём Новиков Фарғонага келяпти

Таъкидланишича, томонлар ўзаро савдо ҳажмини яқин келажакда 1 млрд доллар даражасигача етказиш мақсадида уни кўпайтириш бўйича қўшма чораларни амалга оширишга тайёр.

Шу нуқтаи назардан, чегараолди савдо зоналарини, шунингдек, чегараолди вилоятларда улгуржи тарқатиш ва агрологистик марказларни яратиш истиқболлари қайд этилди.

Шунингдек, саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Хусусан, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги техникаси, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда юқори салоҳиятни қайд этди.

Шу муносабат билан келишилган лойиҳаларни ва савдо, транспорт ва ўзаро инвестициялар соҳасида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ амалий чораларни ўз ичига олган Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича Амалий чоралар режасини ("Йўл харитаси") икки томонлама ишлаб чиқишни тезлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясининг янги йўналишларини ишлаб чиқиш ва савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш бўйича қўшма чораларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.

Умурзоқов Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчиси билан телефонлашди

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл йўлагидан фойдаланиш масаласида яқин ҳамкорликни давом эттиради.

Марказий Осиё давлатлари орқали Хитойдан Европага мультимодал юк ташиш тизимида “Андижон-Ўш-Иркештам-Қашғар” автомобиль йўналишидан самарали фойдаланишни таъминлаш зарурлигини таъкидланди.

Шу билан бирга, томонлар келишилган автобус йўналишлари бўйича икки мамлакат ўртасида халқаро йўловчи ташишни қайта бошлашни тезлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдиришди.

Ҳудудий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича амалий чораларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий қўламда юзага келаётган масалаларга тезкор муносабат билдириш ва уларни ҳал қилишда ўзаро ёрдам кўрсатиш учун икки мамлакатнинг чегараолди вилоятлари раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш механизмини яратиш долзарблиги қайд этилди.