Тўрткўлда 79 ёшли аёл ва унинг набирасини ўлдирганликда гумонланаётган шахс ҳибсга олинди

Тўрткўл туманида ўғриликка ушган уйда 79 ёшли аёл ва унинг набирасини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида аёл киши ва унинг ёш набираси ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабар юзасидан маълумот берди.

Тошкентлик эркак ҳақорат туфайли икки кишини пичоқлади

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши очган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ишсиз 29 ёшли Ж.С. 29 ноябрь куни ўғирлик қилиш мақсадида кирган хонадонда яшаётган 79 ёшли аёл ва унинг набирасини ошхона пичоғи билан қасддан ўлдириб, пул ва 2 дона уяли телефон аппаратини олиб кетгани аниқланган.

Терговда фуқаро Ж.С. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.