ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Аргентина терма жамоасидаги 1986 йилги жаҳон чемпиони, афсонавий футболчи Диего Марадона ҳар ойда 100 минг евродан ортиқ маблағ сарфлаган, деб хабар қилди Marca нашри América TV телеканалига асосан.
Маълумки, бу маблағ ҳар ойда аргентиналик афсонанинг шахсий ҳисоб-рақамидан ечилиб, футболчининг яқин одамларига ўтказиб келинган. Маълумотларга кўра, Марадона Аргентина ва ундан ташқарида 50га яқин оилага ёрдам бериб келган.
Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни, Аргентина терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, афсонавий футболчи Диего Марадона 60 ёшида вафот этди.
Уни сўнгги марта 30 октябрда омма орасида кўришган. У мамлакат чемпионатининг 1-тури "Химнасия ва Эсгрима" ва "Патронато" (3:0) ўртасида кечган, ўзининг 60 йиллигига бағишланган учрашувида кўриниш берганди. Учрашув олдидан Марадонага эсдалик тахтачаси топширилган. Диего матчни охиригача томоша қилмаган, ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, кетган.
Марадонанинг соғайиши алкоголизм ва наркомания оқибатлари туфайли қийинлашган эди.
Клублар даражасидаги жаҳон чемпиони Аргентинанинг “Аргентинос Хуниорс”, “Бока Хуниорс”, “Ньюэллс Олд Бойз”, Италиянинг “Наполи”, Испаниянинг “Севилья” ва “Барcелона” жамоаларида ўйнаган.
Ўтган ҳафтада аргентиналиклар афсонавий футболчи Диего Марадона суратини 10 минг песо пул бирлигида тасвирлашни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди. Ташаббусни 15 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлади. Пул бирлигининг дизайни яратилди. Купюранинг марказида Марадонанинг ёшликдаги портрети, орқа фонда эса у 1986 йилда ютиб олган Жаҳон кубоги тасвирланган.