Каннабис ўсимлигини саноат мақсадларида етиштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди

Каннабис ўсимлигини саноат мақсадларида етиштириш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ерлар ажратиб берилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. “Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини (Cannabis Sativa L.) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялашни амалга оширувчи орган ҳисобланади;
  • каннабис ўсимлигини саноат мақсадларида етиштириш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ерлар ажратиб берилади;
  • каннабис ўсимлигини саноат мақсадларида етиштириш учун экин навининг учинчи ва ундан кейинги репродукциядаги уруғликларини экишга йўл қўйилмайди;
  • каннабис ўсимлиги ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотлар таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоиздан ошган ҳолларда, ушбу ўсимлик, шунингдек, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар белгиланган тартибда олиб қўйилади ва йўқ қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда техник каннабис етиштириш учун тўланадиган бож миқдори тасдиқлангани хабар қилинган эди.