ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. “Ҳудудтаъминот” АЖ пойтахтнинг Сергели туманида табиий газни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолат фош қилинганини хабар қилди.
Маълум қилинишича, иссиқлик таъминоти корхоналарини табиий газ билан таъминлаш тизимини ўрганиш жараёнида тумандаги Нилуфар кўчаси 28-уйида жойлашган ҳамда“Қурувчи” массивининг кўп қаватли уйларини ва бошқа объектларни иссиқлик билан таъминловчи “Тошиссиққувати”га қарашли “Саноатэнeрго” қозонларидан бирининг қўриқланувчи ҳудудида табиий газни ўғирлаш ҳолати аниқланган.
Қозонхона биносининг ички қисмида иккита оҳак пишириш учун печ ва 12 та ностандарт газ горелкаларининг табиий газ таъминоти тизимига резина шланг орқали улангани аниқланди. Оҳак печларининг бирида тайёр маҳсулот, иккинчисида оҳак тошлари мавжуд бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу объектда табиий газни ноқонуний истеъмол қилиш ҳажми 571,3 минг куб метрни ҳамда ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар 571,3 миллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан барча далил ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилган.