ТОШКЕНТ, 5 дек - Sputnik. Қирғизистон ҳукумати "Манас", "Ўш", "Иссиқ-Кўл" халқаро аэропортлари орқали кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ўтказиш тўғрисида қарорни қабул қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Сал аввал мамлакатга 33та давлат фуқаролари кириши мумкинлиги айтилган эди. Ҳозирда барча чекловлар олиб ташлангани маълум қилинмоқда.
"2020 йилнинг 4 декабридан бошлаб чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Қирғизистон Республикасига авиа-ташувлар орқали қонунчиликда ўрнатилган тартибда кириб келишлари мумкин", - дейилади вазирлик релизида.
Идора хабарига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар COVID-19 йўқлиги ҳақидаги ПЦР-таҳлил натижаларини тақдим этган тақдирдагина самолёт бортига чиқарилишини эслатиб ўтган. Ушбу маълумот парвоз олдидан охирги 72 соат вақт давомида олинган бўлиши керак.
Бундан ташқари, 2021 йилга режалаштирилган президентлик ва Жўқорғи Кенгес депутатлари сайловларига халқаро кузатувчиларни қабул қилишни таъминлаш мақсадида ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органларининг таклифига биноан Қирғизистонга кузатувчи сифатида борадиган чет элликларга рухсат беришга қарор қилган.