Бир оқшомда бир миллион: одамлар ҳайвонларни оч ўлимдан асраб қолишди

Татаристонда очлик хавфи ёқасига келиб қолган ҳайвонлар бошпанасига одамлар бир оқшомда бир миллион рубл ўтказиб беришди.
Sputnik

Яқинда Татаристон Республикасининг Аксубаева номли қишлоқда жойлашган "Вега" номли ҳайвонлар бошпанасида бир  ажойиб воқеа содир бўлди. Бошпана кўнгилли фуқаролар томонидан ташкил қилинган бўлиб, фақат хусусий хайрия маблағлари асосида кун кўрарди. У ерда 100га яқин ҳар хил вазиятларда қутқариб қолинган ва асраб олинган ит ва мушуклар сақланади. 

Лекин охирги вақтларга ушбу бошпанага экскурсияга келадиган ва хайрия қиладиган кишилар сони кескин камайиб кетиши туфайли Вега молиявий оғир аҳволга тушиб қолган эди. Бошпана қарзлари кўпайиб, ҳайвонларга беришга овқат ҳам қолмаганидан сўнг, унинг бошлиғи инстаграмда ғамгин хабар ёзиб қолдирган.

"Хабарингиз бор бизнинг бошпана "Аксубаево" қишлоғида жойлашган. Бу ерда маҳаллий аҳоли ҳам жуда қийин аҳволда яшайди, бизга ёрдам берадиган ҳеч ким йўқ. Бошпанамиз қарзлари 1 миллиондан ошиб кетди. Ҳайвонларга берадиган овқат ҳам қолмаган. Наҳотки шу охирги нуқта бўлса? Наҳотки энди уларни яна кўчага чиқариб юборишга тўғри келса", - деб ёзиб қолдирган эди.   

Шундан сўнг ушбу хабар кенг тарқалиб, ҳайвонларга бефарқ бўлмаган кишилар томонидан бир оқшомда бир миллион рублдан ортиқ хайия маблағлари жамланган. Ушбу маблағлар барча қарзларни қоплаб ҳайвонлар учун яна бир ойлик овқат заҳиралари жамлашга етарли бўлган.