Сирдарёдаги эски жоме масжиди таъмирдан ҳашамдор бўлиб чиқди - фото

Сирдарёда янги таъмирланган "Зиё" жоме масжидининг очилиш маросимида Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов иштирок этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 дек - Sputnik. Сирдарёнинг Мирзаобод туманида "Зиё" жоме масжиди таъмирланиб, яна фойдаланишга топширилди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги ва ЎМИ.

Ҳашамдор кўринишда янгиланган янгиланган масжидга 22 метрли гумбаз ўрнатилган бўлиб, унинг катта хонақоҳида 500 киши, айвон қисмида эса 200 киши намоз ўқиши мумкин. Аввал масжид биносида 300-350 киши жойлашиши мумкин эди, - дейилган хабарда. 

Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ Зокиров, вилоятдаги имом-хатиблар, мутасадди ташкилот вакиллари қатнашди.

Маълумот учун, Мирзаобод тумани масъуллари 1990 йилда “Оқолтин” маҳалласида масжид учун 15 сотих ер ажратган. Сўнг маҳалла фаоллари кўмаги ва аҳоли ҳашари билан масжид қурилган. 1998 йилда “Зиё” жомеси расмий рўйхатдан ўтказилган.

Кейинги йилларда ушбу масжид эски биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолгани туфайли замонавий лойиҳа асосида замонавий дизайн ва миллий услубда янгидан бунёд этилди.

Шу йил февраль ойида бошланган масжид қурилиши ҳозирда тўлиқ якунланган. Масжид биносининг узунлиги 18 метр, эни 22 метрни ташкил этади. 22 метрли гумбаз эса жоме биносига ўзгача файз бағишлаб турибди.