Ҳабиб: отамнинг зали ўзбекистонлик ММА жангчилари учун ҳамиша очиқ

UFC бўйича мутлақ жаҳон чемпиони, таниқли россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентда матбуот анжуманини ўтказди.
Sputnik

Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентдаги матбуот анжуманида  ўзбекистонлик аралаш яккакураш жангчиларининг тайёрланиш даражасига юқори баҳо берди.

“Сизда эркин кураш, дзюдо, кураш мактаблари ҳамиша кучли бўлган, бугун сиз боксда жаҳон етакчиларисиз. Буларнинг барчаси ММА каби спорт турларининг мажмуасидир. Сўнгги уч-тўрт йил ичида бу спорт турида сизларда катта ривожланишни кузатаётганим тасодифий эмас. Бирданига бир неча жангчи профессионал лига, жумладан,  GFCда иштирок этмоқда. Ўйлайманки, жангчиларингизда барча имконият бор ва улар катта натижаларга эришишади”, - деди Нурмагомедов.

Ҳабиб Нурмагомедов Тошкентда: у ўзбек спортчиларига ёрдам беришини айтди

Спортчининг сўзларига кўра, ҳар бир жангчининг шаклланишида унинг мураббийи муҳим роль ўйнайди. Ҳабибнинг ўзи отаси Абдулманап Нурмагомедов раҳбарлиги остида жанг сирларини ўрганган ва тарбияланган. У бугунги кунда Ўзбекистонда унвон ва мукофот учун курашишга қодир ҳақиқий профессионалларни тайёрлашга имкон берадиган мустаҳкам мураббийлик гуруҳи шаклланганини таъкидлади.

“Халқаро йиғинлар амалиёти ҳақида тўхталсак, биз фақат мамнун бўламиз. Бошқа шаҳар ва залга келиш, у ерда икки-уч ҳафта машғулот ўтказиш, янги рақиблар билан учрашиш спортчи учун жуда фойдалидир. Бу маънода отамнинг зали ёш жангчилар, айниқса, ўзбекистонликлар учун ҳамиша очиқ. Республикадан бизга кўплаб кишилар келишади. Сизларни ҳамиша кутиб қоламиз”, - деди UFC чемпиони.

Ҳабиб Нурмагомедов матбуот анжуман давомида ММАни Олимпиадага киритиш унинг кейинги икки йиллик асосий вазифаларидан бири эканини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бу йўналишда аллақачон ишлар олиб борилмоқда.