ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Фарғонадаги футболда рўй берган жанжал бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятида “Турон” ва “Нефтчи” жамоалари ўртасида кечган баҳсдан сўнг мухлислар майдонга чиқиб, тартибсизлик уюштиргани ва футболчилардан бири ҳакамни дўпослагани акс этган видео тарқалган эди.
Фарғона вилояти ИИВнинг хабар қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Мазкур жиноят иши доирасида 6 нафар шахслар юқоридаги модда билан иш бўйича гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, улар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди”, - дейилган хабарда.
Шу билан бирга, оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда иштирок этган 5 нафар шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аниқланган. Улар маъмурий тартибда ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Хабарда тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши қўшимча қилинган.
Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган.