Мирзиёев ва Путин МДҲ саммитини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон орқали коронавирус оқибатлари ҳамда МДҲ саммитини муҳокама қилишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 дек - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 30 ноябр куни телефон орқали мулоқот қилишди.

Суҳбатда, жумладан яқин кунларда видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу йил ушбу мажлисда Ўзбекистон раислик қилади. 

Шунингдек президентлар коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Бу борада ўзаро ташрифлар, ҳукуматлараро ҳамкорлик механизмлари унумли ишлаётгани, ўзаро савдо ҳажмлари ортиб бораётгани ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси дастурлари давом этаётгани қайд этилди. 

Ундан ташқари Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик масалалар, бўлажак олий даражадаги тадбирларни ҳам муҳокама қилишди. "Суҳбат ҳар доимгидек самимий, дўстона ва конструктив руҳда ўтди", - дейилган хабарда.