Алиев Францияга Марселни “арманларга беришни” таклиф қилди

Агар улар сизларга шунчалик маъқул бўлса, уларга Марсель шаҳрини беринг, лекин бизнинг ишимизга аралашманг, деди Алиев.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 дек – Sputnik. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Франция парламентига  ушбу мамлакатда яшаётган арманларга Марсель шаҳрини беришни ва у ерда улар учун алоҳида давлат “ташкил қилишни” таклиф қилди.

“Бу ердан бир неча минг километр масофада жойлашган давлат қандайдир қонунлар қабул қилишга, парламентда ушбу масалани муҳокама қилишга нима ҳаққи бор? Франция неча йилдан буён Минск гуруҳига раис бўлди? Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ўзи бирор амалий иш қилганми? Энди эса, масала ҳал бўлганидан кейин, нима бўлаяпти? Франция Сенати Тоғли Қорабоғ тан олингани ҳақида резолюция қабул қилаяпти. Агар улар сизларга шунчалик маъқул бўлса, мен уруш вақтида ҳам айтганман, уларга Марсель шаҳрини беринг. Унинг номининг ўзгартиринг, у ерда иккинчи давлат ташкил қилинг. Лекин бизнинг ишимизга аралашманг”, - деди Алиев ўз халқига бўлган мурожаатида.

Алиев айтишига қараганда “Тоғли Қорабоғ можароси” термини - ўтмишда қолган. Эни бу иборани фақат ўтмиш ҳақида гапирганда ишлатиш мумкин, деди Озарбайжон президенти.

Бироз олдин Франция сенати ўз ҳукуматига талабнома юборган эди. Унда Франция томонидан Тоғли Қорабоғни тан олиш ва Озарбайжон қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш талаби қўйилган. Франция ТИВ котиби Жан-Батист Лемуан эса матбуот анжумани давомида ТҚРни Франция томонидан бир томонлама тан олиниши – ҳеч кимга фойда келтирмаслигини ва тинчилк ўрнатишга халал беришини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғ можароси Россия, Озарбайжон ва Арманистоннинг уч томонлама келишувига асосан 10 ноябрда тўхтатилган эди. Шундан сўнг ҳудудга Россия тинчликпарвар кучлари киритилган ва келишилган ҳолда Агдам, Кельбаджар ва Лачин ҳудудлари Озарбайжон ихтиёрига берилган эди.