ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги уйда газ портлаши оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар қилишича, 30 ноябрь куни соат 7:42 тумандаги Истиқлол кўчаси, “Қирариқ” МФЙ да жойлашган уйлардан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиқган.
Бирламчи маълумотларга кўра, чақнаш натижасида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган. Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 й.т. И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р. ва 2009 йилда туғилган И.С. олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган.
“Чақнаш оқибатида 1984 й.т. И.С., 2006 йилда туғилган И.Р. вафот этган бўлиб, 1987 йилда туғилган И.Н. ва 2009 йилда туғилган И.С. турли даражада тан жароҳатлари олган”, - дейилган хабарда.
Чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши тахмин қилинмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва тегишли идораларнинг куч ва воситаларини жалб қилинган бўлиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
ФВВ газ ва иситиш мосламаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишни сўраган.