ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Энергетика вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги паррандачилик фабрикасида содир бўлган ҳодиса сабабларини таҳлил қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда туманида 3 кун чироқ ўчганлиги сабабли тадбиркорнинг 5 минг донадан зиёд парранда нобуд бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Аниқланишича, “Кумуш куз файзи” паррандачилик фабрикаси электрдан фақат биноларни шамоллатиш учун фойдалади. Электр энергиясини етказиб бериш бўйича Яккабоғ туман ҳудудий электр таъминоти корхонаси билан 2020 йил 4 январда тегишли шартнома тузилган. Унга кўра, электр таъминотида узилиш кузатилган ҳолларда цехнинг шамоллатиш тизими дизел-генератори томонидан амалга оширилиши белгиланган.
“Бироқ, жорий йилнинг 19 ноябрь куни генераторнинг дизел (ёзги) ёқилғиси музлаб қолгани, яъни ушбу хўжалик юритувчи субъект куз-қиш даврига мос равишда тайёргарлик кўрмаганлиги туфайли бу шарт бажарилмаган. Натижада, шу куни соат 14:00 дан 14:30 гача ва соат 17:50 дан 20:10 гача электр таъминотида қисқа муддатли узилиш даврларида генератор ҳаво ҳароратининг пасайишига тайёр эмаслиги туфайли ишга туширилмаган”, - дейилган хабарда.
“Аммо бунда ўзимизнинг ҳам камчилигимиз бўлган. Генераторимиз ёнилғиси сифатсиз бўлгани сабаб музлаган ва ёнмаган. Оқибатда паррандалар сақланадиган бинодаги ҳавони тортиб турадиган ускунамиз ишламай қолган. Товуқларнинг ўзидан чиқадиган аммиак гази тоза ҳавога чиқарилмагани боис паррандаларимиз нобуд бўлган. Аммо 400 мингдан ортиқ товуқларимиз бор. Умид қиламизки, бу зарарни қоплаймиз”, - дея изоҳ берган “Кумуш куз файзи” МЧЖ раҳбари Абдунаби Ғиёсов.
Шу билан бирга, тадбиркорнинг сўзларига кўра, у бунга қизиққан ҳар бир кишига ушбу ҳолатлар ҳақида тушунтириб берган ва товуқларнинг ҳалокатидан кўрилган зарар электр таъминоти корхонасига тегишли дейилган маълумотлар юзага келганидан ҳайратда қолган.
“Хўжалик юритувчи субъект ва электр таъминоти корхонаси ўртасидаги ўзаро алоқалар учун барча шарт-шароитлар икки томон имзолаган шартнома шартлари билан таъминланганлигини қўшимча қиламиз. Шу муносабат билан ҳар бир ҳодиса ҳолатларини кўриб чиқиш зарур ва агар берилган техник шартлар бажарилган бўлса ва ҳудудий электр таъминоти корхонаси томонидан қонунбузарликларга йўл қўйилган бўлса, унда улар зарарнинг тегишли миқдорини қоплайди. Шу билан бирга, тадбиркор шартномада назарда тутилган шартларни, шу жумладан юқорида айтиб ўтилганларни ҳам бажариши шарт”, - дея қўшимча қилган вазирлик.
Энергетика вазирлиги ҳар қандай ҳодисаларни нопрофессионал талқин қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик тўғрисидаги ёлғон маълумотларнинг тарқатишга олиб келишини эслатган.