Россияда хорижий ишчиларни жалб қилиш квоталари тасдиқланди

Келгуси йил учун Россияга виза асосида келадиган хорижий ишчиларни жалб қилиш квоталари тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. 2021 йил учун Россияга виза асосида келадиган хорижий ишчиларни жалб қилиш бўйича квоталарни тасдиқлаш тўғрисида Россия ҳукумати қарори қабул қилинди. Ҳужжат ҳуқуқий маълумотлар порталида эълон қилинди.

Россияга Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб кириш таъқиқланди

Унга кўра, умумий квота 101 871 киши этиб белгиланди.

Ҳужжатга кўра, келгуси йилда тоғ-кон саноати, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларида ишлайдиган ходимларга энг юқори талаб бўлади, мамлакатга 31 625 нафари кутилмоқда.

Металлга ишлов бериш ва машинасозлик саноати ишчилари учун 11 673 та иш ўринлар ажратилди.

Кичик ва йирик саноат корхоналарининг бошқа касб-ҳунарлари учун 16 980 та, саноат қурилмалар операторлари ва машинистлари учун 7 764 та иш жойи ажратилди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Россияда меҳнат визаси орқали келган чет элликлар сонини деярли 40 мингга қисқартириш режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Ўша вақтда 2020 йилда квота 144 мингдан ортиқ кишига тақдим этилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 104 993 кишигача камайтириш ҳақида айтилаётган эди.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Армения, Озарбайжон, Молдова, Қозоғистондан келган хорижий ишчилар янги қоидалар таъсирига тушмайди, чунки бу фуқаролар Россия Федерацияси ҳудудига визасиз (лекин меҳнат патентлари билан) кириш ҳуқуқига эга.