Миллий гвардия “Эски жува” бозоридаги жанжал юзасидан изоҳ берди

Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи У.Ибрагимов эканлиги аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. 22 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги “Эски жува” деҳкон бозори ҳудудида жамоат тартибини сақлаш юзасидан хизматга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига бозорга харидор сифатида келган фуқаро мурожат қилиб, ушбу бозор ҳудудида пиротехника воситаси сотиб олиш учун сотувчига 260 минг сўм пул берганлигини, лекин сотувчи келишилган маҳсулотларни бермасдан, қочиб кетганлиги ҳақида шикоят қилган.

Бу ҳолатни кузатиб турган бир гуруҳ шахслар мурожаат этган фуқарога нисбатан шу жойнинг ўзида ҳакоратли сўзлар ишлатиб, ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари билан пиротехника воситаси сотувчиси тарафдорлари эканлигини аён қилишган.

Вазиятни енгиллаштириш учун Миллий гвардия ходимлари томонидан жабрланувчи фуқарони бозор ҳудудидан олиб чиқиб, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ИИО таянч пункти масъул ходимига топширилган.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бозор ҳудудида жанжал кўтарган бир гуруҳ фуқароларни тартибга чақиришга ҳаракат қилганлар. Жамоат тартиби қоидаларига риоя қилмаган ушбу фуқаролардан бири Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ҳақоратли сўзларини давом қилдириб, атрофдагилар диққатини ўзига жалб қилган ҳолда хизмат мажбуриятини бажараётган ҳарбий хизматчилардан бирига қўл кўтарган.

Шу боис Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқарога нисбатан куч ишлатишга мажбур бўлиб, ўрнатилган тартибда ИИО таянч пунктига олиб бориб топширганлар.
Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи У.Ибрагимов эканлиги аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.