“Тошшаҳартрансхизмат” тўлиқ трансформация қилинади - президент

“Тошшаҳартрансхизмат” жамиятини тўлиқ трансформация қилинади, Транспорт университети фаолияти такомиллаштирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 ноя - Sputnik. Тошкент ва Самарқандда жамоат транспорти фаолияти оптималлаштирилади. Бу ҳақида президент ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум бўлди.

“Тошшаҳартрансхизмат” фаолиятига назар

Мажлисда, Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли йўловчи ташиш хизматларидан мутлақо норози экани қайд этилди. Хусусан 79 та йўналишдаги автобуслар интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечикмоқда, одамлар бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишни афзал билмоқда. Бугунги кунда шаҳар жамоат транспортида бор-йўғи 33 % йўловчи юрмоқда, ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 60-70 %ни ташкил этади. 

Шу боис, жамоат транспорти тизимида янги бошқарув услубини жорий этиш, метрополитен, автосаройлар ва йўналишли такси корхоналарини бир-бирига боғлаш, ахборот технологиялари асосида уларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш кераклигини таъкидланди.

Хусусан, Тошкент метрополитени ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ буюртмачи ва назорат функциялари шаҳар транспорт бошқармасига ўтказилади. Молиялаштириш ҳам бошқарма томонидан амалга оширилиб, транспорт корхоналарига ҳақиқий бажарилган иш ҳажми, босиб ўтилган масофага қараб маблағ ажратилади, - дейилган хабарда. 

Шунингдек, “Тошшаҳартрансхизмат” жамиятини тўлиқ трансформация қилиш, Транспорт университети фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Тошшаҳартрансхизмат” - бошқарув тизими қайта ташкил этилмоқда

Ундан ташқари, тирбандлик кузатилаётган кўп қаторли йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда паркоматлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипедлар йўлакчаларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.   

Тошкентдаги тажриба асосида бошқа шаҳарларда ҳам йўл-транспорт тизимини қайта кўриб чиқиб, марказий кўчаларни намунавий тарзда ўзгартириш, хусусан, Самарқандда жамоат транспортини оптималлаштириш, аҳоли ва туристлар учун қулай шароит яратиш вазифаси қўйилди.