ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. Турк ҳарбийлари тез орада Озарбайжонга йўл оладилар, деб баёнот қилди Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар.
"Тез орада бизнинг аскарларимиз Озарбайжонга ўз бурчини адо этиш учун йўл оладилар. Пиёда қўшинлари тайёргарликни якунладилар", - дея иқтибос келтирган Anadolu агентлиги вазир сўзларидан.
Сал олдин Туркия президенти Тоййиб Эрдоған мамлакат парламентига ҳарбийларни Озарбайжонга юбориш тўғрисида қонун лойиҳасини йўллагани ҳақида маълум бўлган эди.
Илгарироқ Арманистон, Озарбайжон ва Россия Қорабоғда 10 ноябрдан ўт очишни тўхтатиш режими тўғрисида қўшма баёнотни эълон қилишган эди. Регионга аллақачон россиялик тинчликпарварлар киритилган. Эрдоғаннинг айтишича, Туркия ва Россия Тоғли Қорабоғда тинчлик битими устидан назорат бўйича марказ ҳақидаги меморандумга имзо чекишган.
Ўз навбатида, РФ президенти матбуот-котиби Дмитрий Песков Қорабоғ бўйича музокараларда минтақада Россия ва Туркиянинг қўшма тинчликпарвар кучлари жойлаштирилиши мавзуси ҳеч қачон музокараларда муҳокама этилмаганини кўп бора таъкидлаган.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ҳам Туркиянинг ҳарбийлашган тинчликпарвар бўлинмалари Тоғли Қорабоғга йўналтирилмаслиги, аммо Анқара вакиллари Озарбайжонда жойлашган мониторинг маркази доирасида вазиятни барқарорлаштиришда иштирок этишаётганига эътибор қаратган эди.
Қорабоғда ўт очишнинг тўхтатилиши
Ўнинчи ноябр куни Кремл матбуот хизмати Арманистон, Озарбайжон ва Россия президентларининг шу кундан бошлаб Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотини эълон қилди. Озарбайжон ва Арманистон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, эгаллаб олинган позицияларда тўхташ ва ҳарбий асирлар билан ўзаро алмашиш мажбуриятини ўз зиммасига олишмоқда. Ереван Келбажар, Лочин ва Агдам туманларини Бокуга қайтариши керак.
Бундан ташқари, минтақага Россиянинг 1960 ҳарбий хизматчилари, 90та бронетранспортерлар, 380 дона техника кўринишидаги тинчликпарварлари киритилмоқда. Улар Қорабоғ ва Лочин коридорида жой олган.