ТОШКЕНТ, 19 ноя - Sputnik. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан "истеъмол савати"нинг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан кенг жамоатчилик фикрига таяниб, республикамизнинг миллий "истеъмол саватчаси" лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур ташаббус жамоатчилик ташкилоти сифатида Федерациянинг республикамизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ўзининг муносабати сифатида гавдаланади", - дейилган федерация хабарида.
Федерация кенг жамоатчиликдан миллий "истеъмол саватчаси" лойиҳаси ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни сўраб қолади.
Қуйида келтирилган электрон манзили орқали сўровномада иштирок этиб, миллий "истеъмол саватчаси" лойиҳаси ишлаб чиқилишига ҳисса қўшиш мумкин.
"Истеъмол саватчаси" – инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматларнинг энг минимумини ўз ичига олувчи категориядир. Яъни маълум бир давлат томонидан ўз фуқароларининг нормал яшаши учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматларнинг энг кам миқдорини белгилашидир.
Соддароқ айтганда, "истеъмол савати"га киритилган товар ва хизматлар яшаш учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларни қондиришга етиши керак. Аксарият тараққий этган мамлакатларда аҳолига бериладиган ижтимоий нафақалар айнан "истеъмол саватчаси"га, унда қайд этилган кўрсаткичларга кўра белгиланади.
Шунингдек, айни бир давлат томонидан ишлаб чиқилган "истеъмол саватчаси" бошқа бир мамлакат учун тўлиқ андоза бўла олмайди. Уни ишлаб чиқишда мамлакатнинг иқлим шароити, аҳоли эҳтиёжи, шунингдек маҳаллий аҳолининг анъана ва одатлари ҳам алоҳида рол ўйнайди. Бугунги кунда "истеъмол саватчаси"нинг ягона мақбул варианти мавжуд эмас, дейилади федерация баёнотида.
Мисол учун АҚШдаги истеъмол саватига 300 та, Буюк Британияда 350, Германияда 470 маҳсулот ва хизмат киритилган.
Бу маҳсулотларнинг озиқ-овқат турига кирадиганларининг асосийлари нон ва ун маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ, гўшт, тухум, полиз маҳсулотлари, мева-чевалар ва бошқаларни ташкил этади.
Ноозиқ-овқат масҳулотларига кўйлак, костюм, пойафзал, бош кийим, пайпоқ, ички кийим турлари, санитария ва гигиена маҳсулотлари, мактаб ва таълим олиш учун зарур товарлар киритилади.
Совуқ мамлакат учун қишда иссиқлик таъминоти истеъмол саватидаги энг муҳим хизмат ҳисобланса, Африканинг айрим мамлакатлари учун бу хизматнинг умуман кераги йўқ.