МИБга янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги фармонига асосан Мажбурий ижро бюросига янги раҳбар тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 17 ноябрдаги фармонига асосан Хасан Муротович Кабирджанов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентнинг 2017 йил 29 майдаги фармонига кўра, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди. Янги бюро энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда суд қарорларини ижро этилишини назорат қилади.

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида суд ҳужжатлари ижро этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Таъкидланишича, 10 ой давомида Мажбурий ижро бюросига 4 миллионга яқин ижро ҳужжатлари келиб тушган. Шундан 1 миллион 200 мингтаси бажарилмаган.

"Яъни, бугунги кун ҳолатига 17 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланмай турибди. Бунинг 7,2 триллион сўми давлат ундирувига, қолган 9,7 триллион сўми жисмоний ва юридик шахсларга тегишли. Ушбу маблағларнинг ундирилиши тадбиркорларнинг молиявий аҳволини яхшилаш, кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим омил бўлади. Йиғилишда суд ҳужжатларини ижро этиш ҳолати туман ва шаҳарлар мисолида кўриб чиқилди. Қарздорликларни қисқартириш бўйича мамлакат даражасида алоҳида, вилоят ва туманлар миқёсида алоҳида тизимда иш олиб борилиши белгиланди", - дейилади хабарда.  

Мажбурий ижро бюроси 20 миллиард сўмдан юқори қарзларни ундириш билан шуғулланади. Бюронинг вилоят бошқармалари 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмгача бўлган қарзлар ундируви билан ишлайди.