ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Ўзбекистон бош вазирининг маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов ва Россиянинг мамлакатдаги элчиси Владимир Тюрденев иштирокчида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда коронавирус пандемияси пайтида Ўзбекистон фуқароларини Россияда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш масаласи, Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли органлари томонидан ишлаб чиқилаётган миграция соҳасидаги шартномалар лойиҳаларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат миграция соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон томони фуқароларни Россияга ишга жойлаштириш масаласида Россия ҳукуматидан рухсат олиш бўйича бир нечта таклифлар берди. Берилган таклифларни Россия томони муҳокама қилиб, натижаси бўйича маълум қилинишини таъкидлади.
“Музокаралар якунида томонлар пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россияда ишга жалб қилиш, хусусан, мамлакат ҳудудига киришга ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш, карантинда бўлиш каби жараёнларни соддалаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди”, - дейилган хабарда.
Агентлик ҳозирда учрашувда билдирилган барча фикрлар бўйича Россия томонидан таклифлар олиниши кутилаётганини қўшимча қилган.