Самарқанд вилояти ҳокими амалдорларга ишга 10 кун пиёда келиб-кетишни таклиф қилди

Эркинжон Турдимов вилоятдаги давлат органлари раҳбарлари 11 ноябрдан 21 ноябрга қадар ишга пиёда ёки жамоат транспортида келиб кетишини таклиф қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятдаги давлат органлари раҳбарлари 11 ноябрдан 21 ноябрга қадар ишга пиёда ёки жамоат транспортида келиб кетишини таклиф қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Мен ўзим шу тартибда ишга келиб-кетаман, хизмат машинам ҳокимиятда туради. Кун давомида бирор бир туманга чиқадиган бўлсам, машинадан фойдаланаман. Кечқурун яна машинани ҳокимият гаражида қолдириб, уйга пиёда ёки жамоат транспортида кетаман. Бу, аввало, саломатлигимиз учун, қолаверса, аҳолига шахсий ибратимиз бўлади”, - Турдимов.

Вилоят ҳокими “Автомашинасиз 10 кун” акцияси давлатдан ойлик оладиганларга тааллуқли эканини таъкидлаган.

“Қолганлар бизни таклифимизни қўллаб-қувватлашса нур устига, аъло нур бўлади. Буни жамоатчилик, журналистлар ва блогерлар назорат қилиши керак”, — дейди ҳоким.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди. Унга кўра, келаси йил 1 январдан биринчи раҳбарлар семизлик даражаси ва вазнини назорат қилиши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, Россиянинг “Первый канал” телеканалида эфирга узатиладиган машҳур “Вечерний Ургант” шоу дастурида Ўзбекистон ҳукуматининг энг кўп пиёда юрган фуқароларни рағбатлантириш тўғрисидаги қарори ҳақидаги хабар кўрсатилди.