ТОШКЕНТ, 10 ноя - Sputnik. Бош прокуратура томонидан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан "Ўзбеккино" Миллий агентлигида ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган.
Тергов жараёнида, "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.
Аниқланишича, 2018 йилнинг 22 июнида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳамда "Best organaizer" МЧЖ ўртасида "Менман, Жалолиддин" номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.
Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари "Мендирман, Жалолиддин" номи билан Туркиядаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш ҳаражатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, "Ўзбеккино" Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тергов ҳаракатлари давомида 2020 йил 3 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган "Мендирман, Жалолиддин" фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳамда ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларнинг жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ, деб таъкидлаб ўтган Бош прокуратура ахборот хизмати.