Ўзбекистондаги боғчаларда хитой тилини ўрганиш жорий қилиниши мумкин

Мактабгача таълим вазири ва Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси келажакдаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси  Цзян Янь ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Боғчаларга электрон навбат қайта ишга туширилди

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида келажакдаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида ўйинчоқлар ва турли хил ўйин ускуналарини ҳамда дидактик материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. 

Шу билан бирга, давлат мактабгача таълим ташкилотларида хитой тилини қўшимча чет тили сифатида ўрганиш, бу борада ходимлар малакасини ошириш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ҳамкорликда  Тошкент шаҳрида  рақамли болалар боғчасининг пилот лойиҳасини ишга тушириш муҳокама қилинди.

Шунингдек, Хитойнинг Сун Цинлин жамғармаси ҳамкорлиги доирасида ихтисослаштирилган МТТларнинг таълим сифатини ошириш, ходимларнинг билим салоҳиятларини кенгайтириш масалалари борасида фикр алмашилди.