Самарадаги ёнғинда Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди

Самара шаҳридаги шахсий уй ёниб кетиши оқибатида Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди. Тўрт киши эса қурбон бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Россиянинг Самара вилояти, Самара шаҳридаги шахсий уй ёниб кетиши оқибатида Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, ёнғин натижасида 5 нафар одам жароҳат олган, 4 киши вафот этган. “Жароҳатланганлардан бири Ўзбекистон фуқароси A.Х. Н.И.Пирогов номли 1-сон шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган. Ташхис — ис газидан заҳарланиш, бошнинг юмшоқ тўқималари лат ейиши”, - дейилган хабарда.

Самарадаги ёнғинда 4 нафар меҳнат мигранти қурбон бўлди - видео

Вафот этганларнинг шахси аниқланмоқда. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бош консулхона вазиятни назоратга олганлиги ҳамда ваколатли органлар ва тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада бўлиб турганлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарадаги ёнғинда 4 нафар меҳнат мигранти қурбон бўлгани хабар қилинган эди. Дастлабки хулосаларга кўра, ётоқхона ноқонуний фаолият юритган ва унинг қурилишида ёнғин хавфсизлигига амал қилинмаган. Ёнғин сабабларидан бири - қисқа туташув бўлиши мумкин, чунки ўт ўчирувчилар у ерда хавфсизлик қоидаларига зид уланган электр симларини топишган.