ТОШКЕНТ, 7 ноя - Sputnik. Қишлоқ врачлик пунктларида врачлар етишмаслик муаммоси 6 ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, бугунги кунда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд врачлик шатлари мавжуд, лекин у ерда ҳозир 12 минг шифокор ишламоқда. Сабаби - бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари учун жозибадор эмас. Шунингдек ушбу массасаларда шифокорларни рағбатлантириш, малакасини оширишга эътибор йўқ.
Шу боис Президент шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Бунинг учун чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади. Бу дастурга мувофиқ чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.
Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни аввало бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши белгиланди.