“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди

Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik.  “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур кўкрак нишонини таъсис этилишидан мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди

Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.

Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти берилади.