Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси икки мамлакат ўртасида визани бекор қилишни таклиф этди

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Найрободий визани бекор қилиш ва бож тўловларини камайтириш лозимлигини таъкидлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Эроннинг Ўзбекистонга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найрободий икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш таклифи билан чиқди.

Элчининг сўзларига кўра, Эрон ва Ўзбекистон туризм бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида туради. Тарихий ва нодир мерос сайёҳларни мунтазам жалб этиш учун қулай имконият тақдим этган.

Эрон Ўзбекистон тарихий объектлари реставрациясида иштирок этади

“Бу борада икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш энг тўғри йўл деб ўйлайман. Мен шуни тарафдориман. Бундан ташқари турли бизнес-тадбирлар, жумладан видеоконференция шаклидаги мулоқотлар ташкиллаштириш орқали тадбиркорларни янада яқинлаштиришимиз мумкин. Техник-муҳандислик хизматлари, тиббиёт ва янги технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Мен ўз миссиям давомида ана шу режаларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ эта олсам, бундан хурсанд бўлардим”, - деди Ҳамид Найрободий “Дунё” ААга берган интервьюсида.

Дипломат Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Ўзбекистон, Эрон ва Афғонистон транспорт соҳасида янги битим имзолаши кутилмоқда

Унинг сўзларига кўра, бож тўловларини камайтириш ва божхона тўсиқларини олиб ташлаш томон ҳаракат қилиш керак. Шунингдек, транспорт лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.