ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Самарқандда автомашина ювиш шохобчаси ходими мижознинг автомобилини олиб қочди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
30 октябрь куни соат 17:30 да 21 ёшли Д.Э. Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғони Сайқал кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасига келиб, ўзининг “Gentra” автомашинасини ювдириш учун 25 ёшли ходим Ш.А.га қолдирган.
Бундан фойдаланган Ш.А. автомашинани ўт олдириб, уни номаълум томонга олиб қочиб кетган.
У машинани бошқариб кетаётган вақтида аниқланиб, мажбурий тартибда тўхтатилган. Шунга қарамасдан Ш.А. ИИО ФМБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатган. Натижада уни ушлаш мақсадида автомашина эшиги ойнаси синдирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.А.га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ш.А. айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. У 10 йилгача қамалиши мумкин. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда автомашина ювиш шохобчасига ишга кирмоқчи бўлганлар тўғрисидаги маълумотларни текшириш кучайтирилиши хабар қилинган эди.