ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Улуғ сарқарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида “Йўлбарснинг туғилиши” номли қисқа метражли фильмнинг тасвирга олиш ишлари бошланди. Фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинмоқда.
Фильм сценарийси таниқли адиб Хайриддин Султоновнинг шу номли ҳикояси асосида яратилган. Мазкур фильмда темурийзода Заҳириддиннинг туғилиши ва унга Бобур исмининг берилиши илоҳий сабаблари ҳақида сўз боради. Умаршайх Мирзонинг ўғил фарзанд кўриш орзуси ва Бобур Мирзонинг дунёга келиши билан боғлиқ тарихий воқеалар фильмда бадиий тўқималар ёрдамида очиб берилади.
“Йўлбарснинг туғилиши” тарихий-бадиий фильмида Элбек Файзиев, Боир Холмирзаев, Тамара Ҳазратқулова, Маржона Ўлжаева, Маъруф Отажонов, Мадина Одилова, Далер Тимуров, Абдураҳмон Очилов каби маҳоратли актёрлар роль ижро қилмоқда.