Кўмирдан таппи тайёрлаётган боғча тарбиячилари ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги боғча тарбиячиларининг кўмирдан қўлбола брикет (таппи) тайёрлаётган жараёни акс этган фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари сифатсиз кўмирдан брикет (таппи) тайёрлаётгани акс этган фото тарқалган эди. Мактабгача таълим вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

“Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасида бўлган. Ушбу муассасага 11 тонна кўмир келтирилган. Ана шу кўмирнинг 400-500 килограми майдаланган, сифатсиз кўмир шаклида бўлган ва шу сабабли ходимлар томонидан шу ҳолатда тайёрланган”, - деди мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқулов.

Унинг сўзларига кўра, боғча директори кўмирни увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан қўлбола брикетларни ясагани маълум бўлган.

“Мактабгача таълим муассасаси директори кўмирни увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан қўлбола брикетларни ясагани маълум бўлди”, - дея қўшимча қилди Маматқулов.