ТОШКЕНТ, 31 окт - Sputnik. 2021 йил 1 январдан биринчи раҳбарлар ўзларининг семизлик даражаси ва вазнига жиддий эътибор қаратади. Президентнинг "Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:
меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга "Спорт тарғиботчиси" қўшимча вазифасини юклаш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилади;
иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлари жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланиши таъминланади;
ҳар шанба куни соат 14:00 дан сўнг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади;
биринчи раҳбарлар "Шахсий намуна" тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларининг яхшиланишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.