Ўзбекистон президенти Туркия етакчисига ҳамдардлик билдирди

Жума куни Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила юз берган эди. Зилзила эпицентри Измир вилоятининг Сеферихисар шаҳри ҳудудида жойлашган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 окт - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркияда юз берган зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдоғанга таъзия йўллади.

Туркия ва Грецияда кучли зилзила юз берди - видео

Бу ҳақда президент матбуот-хизмати хабар бермоқда.

"Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатларда шифо топишини тилади", - дейилади хабарда.

Жума куни Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила юз берган эди. Зилзила эпицентри Измир вилоятининг Сеферихисар шаҳри ҳудудида жойлашган.

Шу вақтгача зилзила оқибатида қурбон бўлган инсонлар сони 24 нафарга етгани, 804 киши жабрлангани ҳақида маълумот берилди.

Зилзила кичикроқ цунамини юзага келтирган, Сеферихисарда қирғоққа яқин кўчаларни сув босган.

Сал кейин Anadolu агентлиги Туркиядаги Эгей денгизи қирғоқларида кун давомидаги иккинчи зилзила юз бергани, унинг магнитудаси 5,1 баллни ташкил этгани ҳақида хабар берган.